Хитой делегацияси мамлакатимизнинг нуфузи ошиб бораётганини юқори баҳолади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро бўлими бошлиғи Лю Хайсин бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ҳар томонлама кенгайиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, турли соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Спикер Н.Исмоилов 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини янада чуқурлаштириш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Саммит доирасидаги мулоқотлар ва илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи, очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол позициясини яна бир бор намоён этгани эътироф этилди.

Мулоқот давомида меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда парламент фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қолаверса, Ўзбекистон ва Хитой парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мулоқотларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро бўлими бошлиғи Лю Хайсин Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги юксак даражасини алоҳида эътироф этди. Хитой томони Ўзбекистон Президентининг халқаро майдондаги обрўси ва мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ошиб бораётганини юқори баҳолади.

Шунингдек, меҳмон биринчи марта Хитойдан ташқари бўлган мамлакатда «Марказий Осиё – Хитой» сиёсий партиялари мулоқоти доирасидаги халқаро конференцияга Ўзбекистон мезбонлик қилганини ва бу нуфузли тадбир муваффақиятли ўтганини эътироф этди. Ўзбекистон парламентининг фаолияти, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари ва икки томонлама тадбирларни ташкил этишдаги саъй-ҳаракатларини ҳам юқори баҳолади.
Мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлашда парламентларнинг масъулиятини ошириш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини фаоллаштириш, депутатлар ва сиёсий партиялар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА