Хитой божхона маъмурияти вакиллари – Самарқандда
Хитой Халқ Республикасининг бош божхона маъмурияти делегацияси Самарқандда бўлиб, вилоятда озиқ-овқат ҳамда фитосанитария назоратини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Жумладан, меҳмонлар Самарқанд туманидаги “AGRO MIR” корхонасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнларини кўздан кечирди. Уларга корхонанинг ўз хўжаликларида етиштириладиган мева-сабзавотларни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда қайта ишлаш, маҳсулотларни замонавий технологиялар асосида саралаш ва тайёр ҳолга келтириш, консервалар ҳамда табиий шарбатлар ишлаб чиқариш қувватлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тумандаги “Navobod naslli parranda” корхонасида бўлган хитойлик божхоначилар бу ерда узумни хомашё ҳолатидан юқори қийматли маҳсулотга айлантириш, майиз тайёрлаш, саралаш, қуритиш, сақлаш ва қадоқлаш жараёнлари билан танишди. “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш ва тайёрлаш босқичлари кўрсатиб берилди.

Шунингдек, маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган фумигация тадбирларини белгиланган тартибда ўтказиш, зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш ва экспорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан фитосанитар талабларнинг бажарилишини назорат қилиш механизмлари тушунтирилди.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон майиз экспорти бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. Юқори қийматли маҳсулот мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида етиштирилади.
Меҳмонлар Ўзбекистонда маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнларини бевосита корхоналарда кўриш имконияти яратилгани икки томон учун экспорт талаблари, фитосанитария назорати ва маҳсулот хавфсизлиги бўйича ёндашувлар билан танишиш, илғор тажрибаларни жорий этиш, тажриба алмашишга хизмат қилишини таъкидлади. Бу эса келгусида Ўзбекистондан Хитойга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишда техник масалаларни мувофиқлаштириш, талабларни тўғри бажариш ва корхоналарни экспорт бозорларига тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш учун муҳим амалий асос бўлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири