Хитой АҚШ компанияларини нишонга олди
Хитой АҚШнинг ўнта йирик компаниясига нисбатан янги чеклов жорий қилди. Пекин бу қарорни Вашингтон томонидан бир қатор корпорациялар “ҳарбий тузилмалар билан алоқадор” дея баҳоланиб, махсус рўйхатга киритилгандан кейин қабул қилди. Мазкур чора асосан мудофаа, авиация ва стратегик хом ашё соҳаларида фаолият юритувчи компанияларга тааллуқли. Демак, икки қудратли давлат ўртасидаги иқтисодий рақобат янада кучаймоқда.
Энди хитойлик экспортёрлар мазкур компанияларга икки мақсадда қўлланиши мумкин бўлган маҳсулотларни етказиб беролмайди. Бундай маҳсулотлар фуқаролик соҳасида ҳам, ҳарбий мақсадда ҳам ишлатилиши мумкин. Шунингдек, Хитой давлат идораларига бир қатор америкалик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини харид қилиш ҳам тақиқланди. Улар орасида қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш билан танилган йирик корхоналар ҳам бор.
Мазкур қарор Дональд Трампнинг Пекинга ташрифидан бир ой ўтиб қабул қилинди. Ўша учрашувда Трамп ва Си Цзиньпин иқтисодий муносабатлардаги кескинликни юмшатиш масалаларини муҳокама қилган эди, бироқ кейинги ҳафталарда технологиялар, сунъий интеллект, ҳарбий саноат ва стратегик ресурслар атрофидаги баҳслар яна авж олди. Натижада томонлар ўртасидаги ишончни тиклаш жараёни яна мураккаблашди.
Таҳлилчилар фикрича, бу қарор алоҳида компанияларга қарши қаратилган эмас. Шунчаки Вашингтон ва Пекин ўртасидаги кенг қамровли иқтисодий рақобатнинг навбатдаги кўринишидир. Айниқса, ноёб металлар ва юқори технологиялар соҳаси келажакдаги рақобатнинг асосий майдонига айланмоқда. Ноёб металлар – замонавий электроника, аккумуляторлар, ракета тизимлари ва юқори технологияли қурилмалар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлган стратегик ресурслардир. Шу сабабли бу соҳадаги ҳар қандай чеклов жаҳон бозорига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА