Ҳисор тоғларига қор тушди
Кўм-кўк зангори осмон. Кузги либосини ечиб, қишки кийимларини кийишга шайланган азим тераклар. Елкаларини қор қоплаган виқорли тоғлар. Тўрт фаслни бирдай қарши оладиган арчалар. Атроф ажиб сокинликка чўмган. Сой ва дарё сувлари ҳам пасайиб, шовқин солмай қўйган. Иссиқсевар қушлар ҳудудни тарк этган. Япроқларидан аллақачон айрилган наъматаклар меваси айни етилиб пишган палла. Аҳён-аҳён қирғий ва лочинларнинг кўкдан мағрур овози қулоққа чалинади. Ҳа, бу “Ҳисор” давлат қўриқхонасидаги қиш манзарасининг бизга намойиш қилган лавҳаларидир.
Қўриқхонага ажойиб ҳусн бағишлаб турган “Сувтушар” шаршараси. Қарийб 75-80 метр баландликдан келинчакнинг қирқ кокилидек оқиб тушадиган шаршара сувлари ҳам хиёл камайган. Аммо жозибасини, маҳобатини йўқотмаган. Ҳадемай унинг атрофи ҳам қалин қор билан қопланади.
[gallery-14730]
Қиш тоғлардан бошланади. Қўриқхона жойлашган Ҳисор тоғларига аллақачон қор тушган. Қўриқхонанинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мавсумга “тайёргарлик”ни бошлаган. Олмахонлар арча уруғларини йиғиш билан овора. Қўнғир айиқлар қишлаш учун тоғ унгурларига қараб кета бошлаган...
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари