Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон — Ҳиндистон муносабатлари кенг кўламда ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот, олий даражадаги учрашувлар муҳим аҳамиятга эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон — Ҳиндистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Гулруҳ Аъзамова Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант билан учрашди.
Мулоқот давомида икки томонлама алоқалар ривожланиб бораётгани эътироф этилиб, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳиндистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Г.Аъзамова икки мамлакат ўртасида қарор топган сиёсий ишонч ва дўстона муносабатлар парламентлар ўртасидаги алоқаларни янги мазмун билан бойитиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли ортиб бораётгани, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этди. Шунингдек, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик лойиҳаларини кўпайтиришдан Ҳиндистон томони ҳам манфаатдор эканини билдирди.
Учрашувда хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини рағбатлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, таълим, илм-фан, инновациялар, тиббиёт ва туризм соҳаларидаги мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини бойитиш муҳимлиги урғуланди. Келгусидаги ҳамкорлик масалаларида келишиб олинди.
М.Комилова,
ЎзА