Ҳиндистонда қўлбола спиртли ичимликдан оммавий заҳарланиш: 12 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатига қарашли Сагар туманида қалбаки алкоголдан оммавий заҳарланиш оқибатида камида 12 киши вафот этди, 10 нафар фуқаро шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берган.
Маҳаллий ҳокимият ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаган, фожиа сабаби суд-тиббий экспертиза хулосасидан сўнг маълум бўлади. Ушбу фожиа ортидан ҳудуддаги олти спиртли ичимлик дўкони фаолияти зудлик билан тўхтатилди.
Штат бош вазири Мохан Ядав сохта сархуш ичимлик сабаб юз берган ўлим ҳолати бўйича батафсил текширув ўтказиш юзасидан кўрсатма берганини айтди. Таъкидланишича, мазкур жиноятга алоқадор айбдорларга нисбатан оғир қонуний чора кўрилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА