Ҳиндистонда кучли бўрон
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида юз берган даҳшатли табиий офат 100 дан зиёд инсоннинг ҳаётига зомин бўлди.
13 май куни кечқурун бошланган кучли бўрон, яъни соатига 100 километрдан юқори тезликда эсган шамол ва шиддатли ёмғир натижасида минглаб дарахт илдизи билан қўпорилган, улкан реклама тахталари ва турар жой бинолари вайрон бўлган. Сўнгги расмий маълумотга кўра, ҳалок бўлганлар сони 111 киши. 72 фуқаро турли даражадаги жароҳат билан шифохонага ётқизилган.
Фожиавий ўлим ҳолатларининг аксари чақмоқ уриши ёки дарахт ва девор одамлар устига қулаши оқибатида юз берган. Шунингдек, жуда кўп уй ҳайвонлари ҳам нобуд бўлган. Қутқарув хизмати вайроналарни тозалаш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишда давом этяпти. Маҳаллий ҳокимият зарар миқдорини баҳолаяпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА