Ҳиндистонда аномал иссиқ сабаб қурбонлар сони ошмоқда
Ҳиндистон жануби аномал жазирама исканжасида. Ҳаво ҳарорати 45°C дан ошган ҳудудларда ўнлаб инсонлар иссиқ туфайли ҳалок бўлди. Бу ҳолат ҳукуматни фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилмоқда.
Таъкидланишича, ўлканинг Телангана штатида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши оқибатида камида 16 нафар фуқаро иссиқ уриши туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Расмийларнинг билдиришича, мазкур ҳудудда термометр кўрсаткичи 45 даражали иссиқлик чегарасидан ҳам ўтиб кетган. Жуда оғир кечаётган бундай об-ҳаво шароити сабабли штат раҳбарияти зудлик билан фавқулодда мажлис чақирди.
Ҳукумат фуқаролардан ўта зарур эҳтиёж бўлмаса, айниқса кундузги соатларда кўчага чиқмасликни, қуёшдан сақланишни ҳамда саломатликни асраш учун барча хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишни сўрамоқда.
Ҳиндистон метеорология хизмати маълумотига кўра, Жанубий Осиёнинг ушбу қисмида ҳукм сураётган бундай ҳароратли об-ҳаво тўлқини камида 26 майга қадар сақланиб қолиши кутилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА