Ҳиндистон ва Туркия билан фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ҳиндистоннинг "Precise Group" фармацевтика компанияси вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда компаниянинг замонавий фармацевтика технологияларини Ўзбекистонга трансфер қилиш, уларни маҳаллий корхоналар базасида ўзлаштириш ҳамда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, технологиялар трансфери, маҳаллий фармацевтика корхоналарини ҳамкорликка жалб этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида "Precise Group" технологиялари ва ишлаб чиқариш йўналишларига қизиқиш билдириши мумкин бўлган Ўзбекистон фармацевтика корхоналарини аниқлаш ҳамда улар билан бевосита мулоқотларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
***

Шунингдек, Абдулла Азизов Туркиянинг "Golgi Health" компанияси вакиллари билан учрашди. Мулоқотда компаниянинг Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида бугунги кунга қадар амалга оширган ишлари, мавжуд ҳамкорлик йўналишлари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда замонавий лаборатория ташкил этиш, илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий изланишлар натижалари ва тажриба алмашинувини кучайтириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион ечимларни биргаликда ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.
М.Қосимова, ЎзА