Ҳиндистон Эксимбанки Ўзбекистонга 448 миллион доллар ажратади
Мазкур маблағлар Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашди.

Учрашувда икки мамлакатнинг иқтисодий алоқаларида ишга солинмаган салмоқли салоҳият ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришнинг самараси юқори бўлган қатор устувор йўналишлар борлиги қайд этилди.
Томонлар янги истиқболли инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришга келишди.
Алоҳида тартибда ҳудудлараро ҳамкорликни, хусусан, Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Ҳиндистоннинг Гужарот штати ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш чора-тадбирлари ўрганилди. Бундан ташқари, инвестициявий, савдо ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Фарғона вилояти ва Харяна, Бухоро ва Ҳайдаробод, Тошкент ва Ню-Деҳли шаҳарлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқотда молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, томонлар Ҳиндистон Эксимбанки томонидан Ўзбекистонда инфратузилмавий ривожланиш ва таълим соҳаларида устувор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш учун 448 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилишини олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга жорий этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олди.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг грант маблағларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилаётган IT, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий йўналтирилган янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди.
Транспорт инфратузилмаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ишларни фаол давом эттириш зарурлиги тўғрисида якдил фикрлар билдирилди.

Учрашув якунида ҳамкорликнинг кўриб чиқилган барча йўналишларини янада кенгайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида «Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида янги метрологик лабораторияни ташкил қилиш ва жиҳозлаш» ҳамда «Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан жиҳозлаш» лойиҳаларини амалга ошириш учун грант маблағларини ажратиш бўйича Ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА