Ҳиндистон Бош вазири пойтахтимиздаги ҳиндшунослик илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди
Тошкент давлат шарқшунослик университети қошида Маҳатма Ганди номидаги ҳиндшунослик илмий-тадқиқот маркази фаолият юритади.
Давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди ушбу маказда бўлди. Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.

Ташриф давомида марказнинг Ҳиндистон тарихи, фалсафаси, тили ва ижтимоий-сиёсий тафаккурини ўрганиш борасидаги фаолияти таништирилди. Шу ўринда таъкидлаш лозим, бу ерда фаолият юритаётган “Hindi Speaking Club” талабаларнинг ҳинд тилида эркин мулоқот қилиши, мунозаралар олиб бориши ва амалий кўникмаларини бойитишида муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.


Эътиборлиси, марказда мунтазам равишда халқаро конференция, семинар ва хорижий олимларнинг маърузалари ташкил этилиб, икки давлат олий таълим ҳамда илмий муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани қайд этилди.


Ҳиндистон делегацияси Ўзбекистонда ҳинд тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори эканини эътироф этди. Бу каби даргоҳлар икки халқ ўртасидаги тарихий ва маънавий кўприкни янада мустаҳкамлаш ҳамда академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.


Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди. Мулоқот якунида эса профессор-ўқитувчилар, ҳиндшунос олим ва тадқиқотчилар ҳамда талабалар билан суратга тушди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири
Фаррух АЛИЕВ олган суратлар.