Ҳикмат Ҳожиев: Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларида янги давр бошланмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилиб, энди абадий дўстликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу жараён икки давлат ўртасидаги тарихий, маданий ва адабий яқинлик муносабатларида ҳам янги мазмун касб этаётганини кўрсатмоқда.
Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Администрацияси Ташқи сиёсат масалалари бўлими мудири Ҳикмат Ҳожиев ОАВга берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2020 йилда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотлардан сўнг муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Кейинги даврда стратегик шериклик иттифоқчилик муносабатларига айланган бўлса, энди икки давлат ўртасидаги алоқалар абадий дўстлик хусусиятини касб этади.
– Бу Озарбайжон дипломатик амалиётида биринчи марта қўлланилаётган қадамдир ва биз бундай қадамни икки марта Ўзбекистон билан ташламоқдамиз, – деди Ҳикмат Ҳожиев.
Расмий таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик сиёсий келишувлардан анча олдин шаклланган. Бу яқинликни Алишер Навоий ва бошқа ўзбек адибларининг асарларида ҳам кўриш мумкин. Шу боис, бугунги сиёсий муносабатлар тарихий, адабий ва маданий яқинликнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда.
Ҳ.Ҳожиев Ўзбекистонга ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатлар учун алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг фикрича, икки халқ ўртасидаги қардошлик давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бугун иттифоқчилик муносабатларига айланган ва энди сиёсий майдонда абадий дўстлик даражаси билан бойимоқда.
– Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари иттифоқчиликдан ҳам янги босқичга – абадий дўстлик муносабатлари даражасига кўтарилмоқда. Шунинг учун ушбу ташрифни қардошлик, иттифоқчилик ва абадий дўстлик муносабатларида янги босқич сифатида баҳолаймиз, — деди мулозим.
У шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак даражадаги ишонч ва мулоқот муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА