ХI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Маълумки, жорий йилнинг 12-16 октябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан ХI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академиясида ХI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда қайд этилганидек, Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси 2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта давлатимизнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан ўтказиб келинмоқда. Ушбу ижодий лойиҳа мамлакатимиз тасвирий санъати соҳасида эришилган улкан ютуқларни жаҳонга намойиш этиш, мўйқалам соҳибларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имкон яратиш, тасвирий санъат ихлосмандларини энг сара асарлар билан таништиришда ўзига хос маърифий майдон вазифасини ўтамоқда.

Тадбирда ХI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесига тайёргарлик жараёнининг бориши, бўлажак тадбирнинг мазмун-моҳияти, ташкилий жиҳатлари ҳамда уни халқаро талаблар даражасида ўтказиш билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида биенналенинг кўргазма дастурини шакллантириш, хорижий иштирокчиларни жалб этиш, ижодий ишларни саралаш ва экспозицияни ташкил этиш, тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, жараёнларни мувофиқлаштириш ҳамда меҳмонлар ва иштирокчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокамалар якунида биенналени тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ йўналишлар бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА