“Heritage Foundation”: АҚШ Жанубий Кавказ билан ҳамкорликни фаоллаштириши керак
АҚШдаги энг нуфузли консерватив таҳлил марказларидан бири, ғоялари кўпинча республикачилар ва Трамп иттифоқчилари орасида қўллаб-қувватланадиган “Heritage Foundation” экспертлари Вашингтон Жанубий Кавказга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Таъкидланишича, бундай қадам Американинг Европадаги узоқ муддатли стратегияси учун муҳим ҳисобланади.
Нашр этилган “NATO 3.0 and American Security Strategy in Europe” ҳисоботида Грузия, Арманистон ва Озарбайжон Россия, Эрон ва Туркия ўртасида мураккаб геосиёсий мавқега эга экани таъкидланган. Муаллифлар фикрича, АҚШ ва Европа мамлакатлари минтақа давлатларига ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишга ёрдам бериши, шу билан бирга қўшни давлатлар билан муносабатни сақлаб қолиш зарурлигини ҳам ҳисобга олиши керак.
Грузияга оид бўлимда экспертлар Тбилисининг НАТО билан ҳамкорлиги, минтақавий иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларида доимий иштирок этиши муҳимлигини таъкидлаган. Грузиянинг Озарбайжон ва Арманистон билан иқтисодий интеграцияси, шунингдек минтақавий ривожланиш ва савдо лойиҳаларида иштирок этиши барча томонлар учун ижобийдир. Шунинг учун Вашингтон Тбилиси билан доимий равишда алоқада бўлиб, ушбу мамлакатни Озарбайжон ва Арманистон билан ҳамкорликка оид ташаббусларга қўшиши лозим.

Арманистон ва Озарбайжонга тўхталар экан, “Heritage Foundation” мутахассислари икки мамлакат можароси тугагандан кейин юзага келган тинчлик жараёни аҳамиятига ишора қилмоқда. Яъни, икки қўшни давлат муносабатини яхшилаш савдо, инвестиция ва Жанубий Кавказ орқали транспорт йўлларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очиши мумкин.
Шунингдек, ҳужжат муаллифлари Россия билан муносабати ёмонлашиши ва Европа Иттифоқи билан алоқаси кучайиши асносида кузатилаётган Арманистон ташқи сиёсатидаги ўзгаришга ҳам эътибор қаратган. Ҳозирги вазият минтақада Ғарб иштирокини кенгайтириш учун қўшимча имконият яратади. Марказ таҳлилчилари фикрига кўра, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик шартномасини амалга ошириш ва Шарқ-Ғарб транспорт йўлакларини ривожлантириш Жанубий Кавказ тараққиётига ҳисса қўшади. Шу билан бирга минтақанинг Россия ва Эрон орқали ўтадиган йўлларга қарамлигини камайтиради.
С.Раҳимов, ЎзА