Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас
Андижон вилояти Марҳамат туманида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас” шиори остида жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўртасида спортнинг бочча тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8 ноябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш орқали жисмоний реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Марҳамат тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида мусобақа ташкил этилди. Унда Марҳамат ҳамда қўшни Фарғона вилояти Қува туманида истиқомат қилувчи 30 нафарга яқин жисмоний имконияти чекланган ёшлар яқинлари, ижтимоий ҳимоя маркази ходимлари кузатувида иштирок этди.

– Юртимизда жисмоний имконияти чекланган, кўнгли ўксик инсонларга ёрдам кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Марҳамат тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбари Муродил Ашуров. – Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса, уларни ҳаётга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган мусобақадан иштирокчилар бир олам қувонч олди.
Имконсизликдан имкон топишга уринган, ҳаётга, яшашга бўлган умиди билан майдонда дадил ҳаракат қилган сабр ва матонат соҳиблари мусобақада ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларга кўра, мусобақада Марҳамат тумани Юқори Ровот маҳалласида яшовчи Гулҳаё Кимсанбоева 1-ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Қува тумани вакили Умиджон Дадахоновга, учинчи ўрин эса марҳаматлик Руҳшона Авазбековага насиб этди.
Мусобақанинг ғолиб, совриндор ва иштирокчилари ташкилотчилар томонидан диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида, Бочча – жисмоний имконияти чекланган инсонларни имкониятларини кенгайтириш, соғломлаштиришга қаратилган спорт тури ҳисобланади. Ушбу спорт 1984 йилдан бошлаб ёзги паралимпия ўйинлари дастурига киритилган. Бочча спортида жисмоний имконияти чекланган, ногиронлик аравачасида юрадиган инсонлар қўли билан махсус тўпчани улоқтириб, белгиланган жойга ўрнатилган саватчага ёки саватчага энг яқин ҳудудга тушириши лозим.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.