ХДП: Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхатига кирмайди
Бугун пойтахтимиз Тошкент шаҳри кўчаларида жорий этилаётган пуллик “парковка”лар кенг жамоатчиликнинг эътироз ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Эндиликда ушбу ҳаракатларнинг ҳуқуқий асоси яратиляпти. Халқ демократик партияси Тошкент шаҳрида пуллик автомобиль тўхташ жойлари учун тўлов қилмаганлик учун маъмурий жарима жорий этиш тўғрисидаги лойиҳага муносабат билдириб, ижро ҳокимияти идораларини жазолаш ва жарима ундириш билан эмас, балки аҳолига муносиб шароит яратиш билан шуғулланишга чақирмоқда, асоссиз жарималардан воз кечиш лозимлигини илгари сурмоқда.
“Тошкент шаҳрида пуллик автомобиль тўхташ жойлари учун тўлов қилмаганликка маъмурий жарима жорий этиш тўғрисида”ги Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида тақдим этилган лойиҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Халқ демократик партияси мазкур лойиҳани қуйидагиларга кўра қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхатига кирмайди. Кодексларга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳалари фақат Конституцияда белгиланган субъектлар томонидан киритилиши мумкин.
Иккинчидан, мазкур лойиҳа билан пуллик автомобиль тўхташ жойларининг хусусий оператори томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақини тўлаш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш назарда тутилиши қонунчилликка зид.
Фуқаролик кодексига мувофиқ, пуллик “парковка” учун ҳақ тўлаш мажбурияти фойдаланувчи ва “парковка” оператори ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқади, мазкур муносабатлар ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Бу вазиятда тўловни ундириш учун маъмурий жавобгарликни назарда тутиш эмас, балки қонунчиликда белгиланган тартибни қўллаш, яъни тўланмаган маблағни “парковка” оператори суд орқали ундириш чорасини кўриши лозим.
Учинчидан, маъмурий жавобгарлик чоралари (жарималар) давлат органи томонидан фақат оммавий ва умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун қўлланилиши мумкин. Тижорий тузилма даромадларининг ундирилишини кафолатлаш учун давлатнинг мажбурлов кучидан фойдаланиш ҳуқуқий давлат принципларига зиддир.
Тўртинчидан, шаҳар ҳокимлигининг изоҳидаги пуллик “парковка”лар учун атиги 2-3 фоиз ҳайдовчи пул тўлаётгани ҳақидаги иддао ҳақиқат эканлигига жамоатчиликда катта шубҳа бор. Чунки, Халқ демократик партияси аввал ҳам таъкидлаганидек, пуллик тўхташ жойлари учун тўловлар ва давлат бюджетига тушумлар ҳақидаги маълумотлар ҳокимлик томонидан шу вақтга қадар умуман очиқланмаган.
Халқ демократик партияси ижро ҳокимияти идораларини жазолаш ва жарима ундириш билан эмас, балки аҳолига муносиб шароит яратиш билан шуғулланишга чақиради”, дейилади партия муносабатида.
М.Комилова, ЎзА