Ҳайвонот боғи ишчисини айиқ тишлаб ўлдирди
Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Усмонобод Файзи” масъулияти чекланган жамиятга қарашли “Андижон ҳайвонот” боғида аянчли воқеа юз берди.
Ҳайвонот боғи ишчиси А.Г. ёввойи айиққа овқат бериш мақсадида унинг қафасига кирган вақтда айиқ унинг бўйин қисмидан тишлаб олган. Натижада у воқеа жойида вафот этган. Ушбу ҳолат бўйича Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати қуйидаги расмий ахборотни тақдим этди.
“Андижон шаҳар Боғишамол даҳасидаги Ҳайвонот боғида 3 январь куни айиқ шу зоопарк ишчисига ҳужум қилиб, уни ўлдиргани айтилмоқда” сарлавҳали мурожаат юзасидан 2023 йил 3 январь куни соат 16:00 ларда Хўжаобод тумани Мустақилликнинг 27 йиллиги МФЙ ҳудудида жойлашган “Усмонобод Файзи” МЧЖга қарашли “Андижон ҳайвонот” боғи ишчиси А.Г айиқ ёввойи ҳайвонига овқат бериш мақсадида унинг қафасига кирган вақтида, айиқ унга ташланиб, бўйин қисмидан тишлаб олиши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат Хўжаобод тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиб, ҳодиса жойи туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган. Фуқаро А.Г.нинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини ва унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.”.
Албатта, ушбу воқеа бўйича ваколатли идоралар томонидан тегишли хулосалар чиқарилади. Лекин ҳайвонот боғи маъмурияти томонидан нега хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Нима учун ишчи айиққа қафас ичига кириб овқат беради. Ахир 2018 йил декабрь ойида айнан мазкур ҳайвонот боғида шер овқат бераётган ишчини ўлдирган эди. Ҳайвонот боғидаги хавфсизликни таъминлаш масъуллари наҳотки тўрт йил аввалги ҳодисадан тегишли хулоса чиқаришмаган бўлса? Нима бўлганда ҳам бир фуқаронинг бундай ўлим топиши барчани ташвишга солиши керак.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА