Ҳайдовчилик гувоҳномаси қимматга тушди
Бухорода ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш учун таъмагирлик қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада Когон тумани Б.Нақшбанд маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро Р.Р. исмли шахс ўзга бир фуқарони алдаб, унга ваколатли танишлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилади. Эвазига 650 минг сўм пора беришга кўндиради. Олиб борилган тадбирлар давомида кимёвий ишлов берилган пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА