Ҳайдовчи пора бераётган вақтда ушланди
ИИВ шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ҳамда Зарафшон шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тезкор тадбир давомида “Ютонг” русумли автобус ҳайдовчиси сафдор Шерқул Боқиевга 4 миллион сўм бераётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Навоий вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, жорий йил 9 июнь куни Зарафшон шаҳар ҳудудидан ўтган А-379 автомагистрал йўлида ЙПХ инспектори сафдор Шерқул Боқиев одатдаги назорат тадбири вақтида “Ютонг” русумли автобусни тўхтатиб текширганида, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни тақдим этолмаган. Бундан ташқари у спиртли ичимлик истеъмол қилгани тахмин қилиниб, эксперт текшируви амалга оширилган. Тасдиғини топган текширув ҳамда расмийлаштирилган баённома асосида автобус жарима майдонига жўнатилган.
Автобус ҳайдовчиси машинасини жарима майдонидан олиб чиқиш мақсадида ЙПХ ходимига телефон орқали муаммосини ижобий ҳал этиши эвазига 300 АҚШ доллари ваъда қилади. Сафдор Шерқул Боқиев эса ҳайдовчига бир неча марта мазкур ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келишини айтса-да, пора таклиф қилишда давом этади.
ЙПХ ходими эса вазият тўғрисида тегишли соҳа ходимларига хабар беради ва ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлими ҳамда Зарафшон шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилади. Тезкор тадбир давомида ҳайдовчи ЙПХ ходимига 4 миллион сўм пулларни бераётган вақтида далилий ашёлар билан ушланади.
Айни пайтда ҳайдовчига нисбатан Зарафшон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА