Хавфсизлигимиз ўз қўлимизда
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали “Жондортумангаз” газ таъминоти бўлими ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамкорлигида аҳоли хонадонларининг мавсумга тайёргарлиги ўрганилди. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб борилди.

Туманнинг “Демун” маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларида бўлган ходимлар иситиш мосламаларидан фойдаланганда хавфсизликка риоя этиш, дудбўронларнинг тозалигига эътибор қаратди. Газ жиҳозларини қаровсиз қолдирмаслик зарурлиги таъкидланди. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ностандарт иситиш печи ва резина шланглардан фойдаланиб келаётган истеъмолчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорига асосан табиий газ тармоғидан ажратиб қўйилди.

– “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали тасарруфидаги шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари томонидан табиий, суюлтирилган газ истеъмолчиларини ис газидан заҳарланиш ҳамда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида содир бўладиган ҳолатларнинг олди олинмоқда, –дейди Ҳудудгаз Бухоро газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Саъдулла Халилов. – Ўрганишлар давомида 319 минг 752 та ҳовли жойлар ва 13 минг 892 та кўп қаватли аҳоли хонадонлари, 58 та умумтаълим мактаблари, 115 та мактабгача таълим масканлари, 43 та даволаш муассасалари, 10 та савдо марказларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Аниқланган 431 та камчилик ўз вақтида бартараф этилди. Тадбир бошидан буён аҳоли хавфсизлигини янада кучайтириш мақсадида 182 минг дона эслатмалар хонадонлар, идора ва ташкилотларга тарқатилди.
Зариф Комилов, ЎзА