Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш бўйича илк тренерлар тайёрланди
Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳитини таъминлаш бўйича Миллий дастур амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарорига мувофиқ амалга оширилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офиси шу йўналишдаги барча жараёнларни мувофиқлаштириб бормоқда.
Тошкент шаҳрида Миллий дастур доирасидаги “Давлат меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида ташкил этилган тўрт кунлик тренинг якунига етди.
Тренингда давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари, HR-мутахассислари ҳамда ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўқув дастури давомида иштирокчилар гендер тенгликни таъминлаш, меҳнат муносабатларида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби, жабрланган шахслар билан хавфсиз ва ҳурматга асосланган мулоқот олиб бориш бўйича билим ва амалий кўникмаларини оширди.
Амалий машғулотлар, вазиятли топшириқлар ва кейс-симуляциялар орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига муносабат билдириш, мурожаатларни баҳолаш ҳамда тегишли чораларни белгилаш алгоритмлари ўрганилди.
Якуний маросимда иштирокчиларнинг билимлари баҳоланиб, тренингни муваффақиятли тамомлаган 90 нафар тренерга сертификатлар топширилди.
Келгуси ҳафтадан бошлаб тайёрланган тренерлар ҳудудларда маҳаллий тренерларни тайёрлашга қаратилган ўқув машғулотларини бошлайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА