Хавфсиз маҳалла – тинч ва фаровон жамият пойдевори
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов раислигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январда қабул қилинган муҳим қарорлари ижросини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган мазкур йиғилишда шаҳар ва туманлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Йиғилиш давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилиб, йўл қўйилган камчиликлар, тизимдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президентнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда маҳаллалар кесимида хавфсизликни таъминлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этишга хизмат қилмоқда. Қарорда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини манзилли бартараф этиш, жиноятчиликка қарши курашишда давлат органлари, маҳалла ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш, профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, қарор асосида 2026 йил давомида маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини ошириш, уюшган жиноятчилик, наркотик воситалар савдоси, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Бу эса мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат сифатида аҳамият касб этмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, кейинги йилларда жиноятчиликка қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугун ҳар бир содир этилган жиноят ортида турган ижтимоий, иқтисодий ва маънавий омиллар чуқур ўрганилмоқда. Аммо давлат томонидан яратилаётган кенг имкониятлар ва шароитларга қарамасдан, айрим ҳудудларда профилактика ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани, қарорлар ижросига масъулиятсиз муносабат кузатилаётгани натижасида криминоген вазият мураккаблашмоқда.

Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий низоларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида белгиланди.
Йиғилишда рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилган замонавий “Ақлли туман” вазиятлар маркази бу борада илғор тажриба сифатида эътироф этилди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, мазкур марказ фақат жиноятчиликка қарши курашиш билан чекланиб қолмайди. У ҳокимликлар, коммунал хизматлар, иқтисодиёт, қурилиш, экология, ижтимоий соҳа ва аҳоли мурожаатларига оид маълумотларни ягона рақамли майдонда бирлаштирувчи замонавий бошқарув платформасидир. Унда сунъий интеллект технологиялари орқали маълумотлар таҳлил қилиниб, муаммолар аниқланади ва тезкор бошқарув қарорлари шакллантирилади.
Мутахассислар фикрича, бундай марказлар ҳудудлардаги муаммоларни эрта аниқлаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш ва бошқарув самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳар бир шаҳар ва туманда маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда кичик форматдаги Ситуацион таҳлил марказларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарлар олдига маҳаллаларда жиноятдан холи муҳит яратиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, қарорлар ижросини қатъий таъминлаш ва рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Бугунги кунда хавфсиз маҳалла – бу фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас, балки давлат, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулиятидир. Бухорода ўтказилган мазкур йиғилиш ана шу муҳим ҳақиқатни яна бир бор намоён қилди. Зеро, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва рақамли бошқарувни жорий этиш орқали Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири