Ҳатайдаги Ўзбекистон маҳалласи — қардошлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Туркия Республикаси Ҳатай вилоятига амалий ташрифи доирасида Арсуз туманида барпо этилган Ўзбекистон маҳалласининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, 2023 йил февраль ойида Туркиянинг жанубий ҳудудларида юз берган кучли зилзилалар оқибатида минглаб инсонлар ҳалок бўлди, юз минглаб аҳоли бошпанасиз қолди. Шу оғир кунларда Ўзбекистон Туркияга биринчи бўлиб амалий ёрдам кўрсатган давлатлардан бири бўлди.
[gallery-29955]
Қисқа вақт ичида зилзила ҳудудига 100 нафардан ортиқ қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходимидан иборат гуманитар гуруҳ юборилди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди, 200 нафарга яқин жабрланган фуқаро вайроналар остидан олиб чиқилди. Ўзбекистонлик шифокорлар ташкил этган дала госпиталида эса 4 минг нафардан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бугунги кунда Туркияда зилзила оқибатларини бартараф этиш ва вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш ишлари изчил давом этмоқда. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида, Ўрта ер денгизи соҳили бўйида замонавий турар жой мажмуаси барпо этилди.
300 дан зиёд хонадонни ўз ичига олган, 24 та кўп қаватли уйдан ташкил топган мазкур мажмуа барча зарур инфратузилма билан таъминланган. У нафақат янги маскан, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, қардошлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин рамзи сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Маҳалла ҳудудида Самарқанд ва Тошкент номлари берилган кўчалар, Бухоро жоме масжиди, Ўзбекистон Республикаси Дўстлик боғи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номи билан аталувчи бульвар, миллий анъаналар асосида жиҳозланган маҳалла ошхонаси, болалар майдончалари ва дам олиш ҳудудлари ташкил этилган. Бу ерда икки қардош халқнинг муштарак тарихи, маданий мероси ва умумий қадриятлари ўз аксини топган.
Шавкат ТОҲИРОВ (сурат), ЎзА