Ҳашарда уюшқоқлик ва бирдамлик билан
“Маҳалла обод – юрт обод” шиори остида ташкил этилаётган ҳашарга Наманган вилоятида ҳам эрта тонгданоқ юксак уюшқоқлик ва бирдамлик билан киришилди. Шаҳар, туманлар, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳалла-ю қишлоқларгача ҳамжиҳатликни ўзида ифода этган умумхалқ юмушида аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ободонлаштирилмоқда.
Вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари жамоалари эзгулик ҳаракатида алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Бинобарин, тиббиёт ходимлари ободончилик, озодагарчилик, покизалик ва кўкаламзорлаштиришнинг қадр-қимматини барчадан кўра, теранроқ англашади.

– Энг улуғ, энг азиз айёмимиз – Мустақиллик байрамини тиббий ёрдам сифат ва самарадорлигини оширишдаги ютуқлар билан кутиб олиш баробарида ҳудудларга кўркамлик бахш этмоқда, – дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов. – Икки кунлик ҳашарда 17 минг 500 нафардан зиёд врач, ҳамшира, ишчи ходим иштирок этиб, ўз иш жойидаги гулхоналарни юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, 21 минг туп дарахт, 25 километр бордюрларни оқлаш, 28 километр ариқ ва зовурларни тозалаш, 55 гектар майдондаги чиқиндиларни чиқариш, бино фасадининг кўчган жойларини бутлаш сингари хайрли ишларни амалга оширишга аҳд қилишган.

Давлатобод туманида бўлиб ўтаётган умумхалқ хайрия ҳашарида маҳалла раислари бош-қош бўлиб, унга жамоатчилик вакиллари кенг жалб қилинмоқда. Ҳашар давомида ёшлар бирлашиб қабристонларда тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда, бу жараён эса уларнинг таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз, албатта.

Маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор кишилар ва ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда зарур дори-дармон воситалари етказиб берилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг хонадонларида тозалик ишлари ташкил этилмоқда. Корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари ҳудудида ҳам ҳашарга алоҳида эътибор қаратиб, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахт ва гул экинларини ўтқазилди.

Наманган муҳандислик-қурилиш институти жамоаси, институт ёшлар координаторлари ва фаол талабаларининг жонбозлиги таҳсинга лойиқ. Улар ўзлари таҳсил олаётган илм масканининг янада кўркам қиёфага кириши, қолаверса олийгоҳ жойлашган ҳудуд – Янги Наманган туманининг Ислом Каримов кўчаси йўл бўйини тартибга келтиришда фаол бўлишди.
Уйчи туманидаги мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳашар уюшқоқлик ва фаоллик руҳида ўтмоқда. Жумладан, Олмурут маҳалласида жойлашган “Ясситепа” қабристонида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушлари қилинди. Ариқ ва зовурлар тартибга келтирилиб, чиқиндилардан ҳоли бўлди.

Иттифоқ маҳалласидаги қабристон ҳамда ташкилот, муассасалардаги ободонлаштириш ва тозалов ишларида барча фаол бўлди. Пастгузар ва Қўрғонча маҳаллаларида умумхалқ ҳашарида дарахтларга шакл берилди, остки қисми оқланди, йўлаклар бетонлаштирилди. Беруний маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли тураржой биноларида тозалов ишлари бажарилиб, гулхоналар тартибга келтирилди. Кўча ва йўл бўйлари озода масканга айлантирилди.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали меҳнат жамоаси томонидан ташкилот ҳовлиси билан бир қаторда Наманган шаҳрининг гавжум жойларидан бири – Исфархон ва Сардоба даҳалари туташ кўчаларни тозалаш, дарахтларни суғориш, буташ ва ишлов бериш амалга оширилди.

Дарҳақиқат, ота-боболаримиздан қолган, асрлар оша сайқаллашиб қолаётган ҳашар халқимизга хос эзгу хислатлардан ҳисобланади. Унда бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, боғ яратиш каби хайрли юмушлар адо этилади. Зотан, ўзимиз яшаб турган жойни тоза ва обод қилиш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.