Ҳашар юртга ободлик шукуҳини бағишламоқда
Миллий урф-одат ва қадриятлар, эзгу анъаналар ҳар бир халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида ифода этади. Шу маънода ҳашар неча минг йиллар давомида одамларимиз бошини қовуштириб, улар қалбига инсонпарварлик, саховатпешалик, саранжом-саришталик каби эзгу фазилатларни сингдириб келаётган халқимизга хос унутилмас қадриятдир.
Ҳашар ва у билан боғлиқ кўплаб хайрли тадбирлар замирида меҳр-оқибат, инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик, шукроналик, ободлик каби эзгу ғоялар мужассамдир.

Бугун юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ҳашар тадбирлари орқали ҳам мамлакатимиздаги шаҳару қишлоқлар, маҳалла гузарлари, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уйлар атрофи гўшаси ободонлаштирилиб ариқ ва зовурлар тозаланмоқда. Эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар ҳолидан хабар олинмоқда.

Ҳозирга қадар 5 440 445 нафар юртдошларимиз, жумладан, 3 125 049 нафар ёшлар ҳашар тадбирларида фаол иштирок этишди.
7 081 км ариқ ва зовурлар тозаланиб, 4 918 та қабристон, 321 та зиёратгоҳлар ободонлаштирилди.
2 244 149 та манзарали, 2 123 078 та мевали дарахт кўчатлари, 2 740 975 та гул кўчатлари экилиб, 4 669 487 та дарахт оқланди, турли шакллар берилди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 3452 та оилаларнинг уй жойлари таъмирлаб берилди, 6500 та эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, «Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда оқлаш тадбирлари жадал олиб борилмоқда.
Гулнора Маъруфова, Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари