Харид чекларидан ютуқли ўйинда ғолиблар аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида онлайн назорат-касса техникаси орқали амалга оширилган харидлар бўйича берилган чеклар асосида ҳар ойда ютуқли ўйинлар ўтказилади.
Бунинг учун “Солиқ” мобил иловасида “Ютуқли ўйинлар платформаси” жорий этилган бўлиб, ушбу платформада рўйхатдан ўтган барча чеклар бўйича маълумотлар автоматик равишда шаклланиб боради. Ютуқли ўйинларни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлашнинг қонунийлигини назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида комиссия ташкил этилди.
Ҳар ойлик ютуқли ўйинларнинг бош соврини сифатида автомобиль белгиланди. Қўшимча равишда бошқа рағбатлантирувчи совринлар ҳам назарда тутилган. Шу билан бирга ой якунлари бўйича харидлар суммасининг 1 фоизини қайтаришнинг амалдаги механизми белгиланган тартибда сақлаб қолинади. Мазкур ташаббус фискал интизомни рағбатлантириш, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида онлайн касса техникасидан фойдаланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган.
[gallery-30889]
Ушбу қарор орқали низом ишлаб чиқилди. Унга кўра, ўйин иштирокчиси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида жойлашган чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларида харидларни амалга ошириб, назорат-касса техникаси чекларини “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар киради. Мазкур мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган назорат-касса техникаси чеклари орасидан тасодифий танлов асосида мукофотлаш мақсадида танлаб олинган жисмоний шахслар ғолиб саналади.
Ютуқли ўйин платформасида рўйхатдан ўтказилган харид чеклари тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқий вақт режимида очиқ ҳамда шаффофлик принципи асосида тақдим этиб борилади. Ҳар ойнинг 10-санасида Комиссия томонидан танлов ғолибларини мукофотлаш тадбирлари ўтказилиб, ушбу жараёнлар ҳамда танлов ғолиблари тўғрисидаги ҳудудий телерадиоканалларда жонли эфирда узатилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2026 йил 1 август ҳолатига 8 минг 248 та тадбиркорлик субъекти томонидан 10 минг 89 та онлайн назорат касса техникаси ўрнатган ҳолда фаолият юритмоқда. Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан жорий йил январь-июль ойлари давомида савдо ва хизмат кўрсатиш орқали 33,2 миллион дона чек уриб берилган. Натижада 6,3 триллион сўмдан ортиқ тушум кирим қилинган. Шунингдек, июль ойида 4,8 миллион дона чек орқали савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган 1,1 триллион сўмдан ортиқ тушум кирим қилинган.
Нукус шаҳрида дастлабки “Чекни талаб қилинг – автомобиль ютинг!” ютуқли чек ўйини бўлиб ўтди. Унда 6 минг 316 та савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти, 216 минг 574 нафардан ортиқ фаол иштирокчи, 4,8 миллиондан ортиқ онлайн назорат-касса чеки “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилди.
Ўйин натижасида Гулназ Заирбекова ютуқли ўйиннинг бош совринини қўлга киритиб, автомобиль соҳибасига айланди. Шунингдек, нафақат автомобиль, балки уй-рўзғор учун зарур маиший техникалар ҳам ўз эгаларини топди. Жумладан, Оғабек Ибрагимов, Светажон Якубовалар телевизор, Майра Нургалиева музлаткич, Моҳида Ражапбаева электр печи, Азиза Дарибаева электр чойнак билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган рақамлар шунчаки ҳисоб-китоб эмас, балки юртимиз иқтисодиёти ва фаровонлиги йўлида ташланган мустаҳкам қадамдир. Ҳар бир харидда чек талаб қилиб нафақат ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қиласиз, балки қимматбаҳо автомобиль ва йирик ютуқлар эгасига айланиш имкониятини қўлга киритасиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари