Ҳарбийлар Амир Темур ҳаётини ўрганмоқда
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Жанубий оператив қўмондонлиги, Термиз ҳарбий прокуратураси, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси мутасаддилари, ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Тадбирда тарихчилар ва соҳа мутахассислари буюк саркарданинг салтанатни бошқариш маҳорати, илм-фан ва маданиятнинг, ҳарбий соҳанинг ривожланишида Амир Темурнинг ўрни, жанг санъати усуллари ҳақида атрофлича фикр алмашди. Ёш ҳарбийларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
– Буюк Соҳибқирон ва ундан кейинги темурийлар даврида юз берган юксалишларни чуқур билиш биз, ёшларнинг ватанпарварлик ҳиссимизни янада мустаҳкамлашга, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурматимизни оширишга хизмат қилади,– дейди III даражали сержант Акбар Аҳмедов. – Шу маънода мазкур тадбирнинг ўтказилгани буюк аждодларга эҳтиром туйғумизни янада юксалтиргани билан аҳамиятли бўлди.
Маънавий-маърифий тадбир якунида Амир Темур ҳаётига бағишланган видеофильм намойиш этилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА