Ҳарбий ёшлар форуми ўтказилди
Сирдарё вилоятида Ёшлар ойлиги доирасида ҳамда 26 июнь — Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида "Ёш ҳарбийлар форуми" бўлиб ўтди. Тадбир ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий салоҳиятини юксалтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда гиёҳвандлик каби ижтимоий хавфли иллатларга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилди.
Форум Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Гулистон ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув маркази, Сирдарё вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.


Форум дастури ёш ҳарбийларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилувчи тадбирларга бой бўлди. Камондан ўқ отиш, арқон тортиш ва шахмат бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирокчилар эпчиллик, матонат ва зеҳн синовидан ўтган бўлса, аёл ҳарбий хизматчилар ва ходималар ўртасидаги волейбол баҳслари жамоавий ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро ишончнинг ёрқин намунасига айланди.
Тадбирнинг энг қизиқарли қисми "Қувноқлар ва зукколар" кўрик-танловининг Ҳарбийлар лигаси беллашувлари бўлди. Ҳарбий жамоалар ўзларининг ҳозиржавоблиги, ижодкорлиги ва саҳна маданиятини намоён этишиб, ҳарбий хизмат интизом ва масъулият билан бир қаторда юксак маънавият ҳамда кенг дунёқарашни ҳам талаб қилишини яна бир бор исботладилар.


Форум доирасида "Гиёҳвандликка қаршимиз!" шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий учрашув тадбирнинг энг долзарб йўналишларидан бири бўлди. Сирдарё вилояти ОИТС га қарши курашиш маркази мутахассислари гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, оила ҳамда жамиятга етказадиган оғир оқибатлари, зарарли одатларга қарши иммунитетни шакллантириш ва соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот беришди.


Таъкидланганидек, ёшларни турли ёт ғоялар, зарарли иллатлар ва ҳуқуқбузарликлардан асрашда профилактик тадбирларнинг аҳамияти беқиёс. Айниқса, ҳарбий жамоаларда спорт мусобақалари, маънавий-маърифий учрашувлар ва интеллектуал танловларни мунтазам ташкил этиш нафақат жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлайди, балки Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, фидойилик ва юксак масъулият ҳиссини ҳам кучайтиради.


— "Ёш ҳарбийлар форуми" доирасида ташкил этилган "Қувноқлар ва зукколар" танлови ҳамда спорт мусобақалари биз ёш ҳарбийлар учун унутилмас таассуротларга бой кун бўлди. Бу ерда энг муҳими, кимнинг ғолиб ёки мағлуб бўлгани эмас, балки ҳамжиҳатлик, дўстлик ва жамоавий руҳнинг устун келганидир. "Гиёҳвандликка қаршимиз!" шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий учрашув эса гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги ҳамда жамият учун нақадар хавфли экани ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил қилишимизга ёрдам берди. Бу каби форумлар ёшларда нафақат ватанпарварлик туйғусини, балки соғлом ҳаёт тарзига бўлган интилишни ҳам мустаҳкамлайди, — дейди тадбир иштирокчиси Муҳаббат Назарова.


Форум якунида турли мусобақа ва танловларда ғолиб ҳамда фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар муносиб тақдирланди. Тадбирда бу каби форумлар ёш ҳарбийларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига чорлаш, ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш ва мамлакат тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлашдек шарафли бурчга садоқат билан хизмат қилишга ундашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири