Ҳарбий хизмат ва университетда ўқиш иш стажига кирадими?
Маълумки, пенсия ёшига етганда ёки меҳнат стажини ҳисоблашда фуқароларни энг кўп қизиқтирадиган масалалардан бири — олий таълим муассасасида ўқиган йиллари ва ҳарбий хизмат даври умумий иш стажига қўшилиши ёки қўшилмаслигидир. Амалдаги қонунчиликка кўра, бу иккала давр ҳам иш стажи сифатида эътироф этилади, бироқ уларнинг ҳисобга олиниши ўзига хос шарт ва талабларга эга.
Ҳарбий хизмат ва олий таълимда ўқиш даврларини фуқароларнинг умумий меҳнат стажига киритилиши давлат томонидан ижтимоий ҳимояни таъминлашнинг муҳим воситаларидан биридир. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни ушбу даврларни стажга қўшишни кафолатлайди. Бироқ, амалиётда ўқиш тури ва умумий меҳнат фаолияти муддатига қараб муайян шартлар белгиланган.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Ҳа, ҳарбий хизмат ва университетда (олий таълим муассасасида) ўқиш даврлари иш стажига киради. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 37-моддасига асосан, ушбу даврлар пенсия тайинлашда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади, бироқ уларнинг ўзига хос шартлари мавжуд:
Жумладан, муддатли ва шартнома бўйича ҳарбий хизмат, Миллий гвардия, ДХХ ва ИИВ органларидаги хизмат даврлари тўлиқ киради. Бу даврга қўшилиши учун фуқарода олдиндан бошқа иш стажи бўлиши талаб этилмайди. Ҳарбий чипта асосида тасдиқланади.
Олий таълим муассасалари, аспирантура, докторантура ва клиник ординатурадаги фақат кундузги (кундузги таълим шаклида) ўқиш даври ҳисобга олинади. Олийгоҳдаги ўқиш даври иш стажига қўшилиши учун фуқаронинг камида 7 йиллик умумий иш стажи бўлиши шарт.
Гулноза Бобоева,ЎзА