Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси ўтказилди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамкорлигида “Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси” ҳарбий-спорт мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
“Ўзбекистон - ягона Ватан, унга хизмат қилиш муқаддас бурч!” шиори остида ташкил этилган мазкур мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юксак масъулият туйғуларини шакллантиришга хизмат қилган муҳим маънавий-маърифий тадбир сифатида катта аҳамият касб этди. Мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг сара жамоалар ўзаро куч синашиб, билим, маҳорат ва жисмоний тайёргарлик борасидаги салоҳиятларини намоён этдилар.
Мусобақада умумтаълим мактабларининг 9–11-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар иштирок этишди. Жами 5 минг нафарга яқин иштирокчини қамраб олган ушбу йирик лойиҳа ёшларнинг жисмоний чиниқиши, ҳарбий-амалий кўникмаларини ривожлантириш, етакчилик фазилатларини шакллантириш ва жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-30148]
Беллашувлар давомида ёшлар ўзларининг қатъияти, шижоати ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этишди. Ҳар бир иштирокчи ўз жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларини ишга солди. Мусобақа майдонларида ҳукм сурган соғлом рақобат муҳити, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ёшларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати ва бирдамлигини янада мустаҳкамлади.
Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси тўртта шарт асосида ташкил этилди. Биринчи “Турникда тортилиш” шартида ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, куч-қудрати ва чидамлилик даражаси синовдан ўтказилган бўлса, иккинчи “Моҳир мерган” беллашувида ёшлар пневматик қурол ёрдамида нишонларни аниқ уриш бўйича ўз маҳоратларини кўрсатдилар. Учинчи “Ҳарбий эстафета” шарти мусобақанинг энг қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой йўналишларидан бири бўлди. Бу босқичда жамоаларнинг тезкорлиги, эпчиллиги, ҳарбий-амалий кўникмалари ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлиги синовдан ўтказилди.Тўртинчи шарт – “Арқон тортиш” баҳсларида эса жамоаларнинг жисмоний қудрати, матонати ва бирдамлиги ёрқин намоён бўлди. Ушбу шарт томошабинлар ва иштирокчилар учун энг қизиқарли лаҳзаларга бой бўлиб, ғалаба сари интилиш, жамоавий руҳ ва ўзаро ишончнинг амалий ифодасига айланди.
Мусобақа якунларига кўра, барча шартлар бўйича энг юқори натижаларни қайд этган Кегейли тумани 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси биринчи, Амударё тумани 40-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси иккинчи, Тахиатош тумани 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси учинчи ўринларни эгаллашди.
Ғолиб ҳамда фаол иштирокчилар кубок, диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари