Ҳарбий шифокорлардан хайрли ташаббус
Мудофаа вазирлигининг Термиз ҳарбий госпитали шифокорлари Сурхондарё вилоятининг олис ва чекка қишлоқларида бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида бошланган тиббий кўрикка ҳарбий госпиталнинг энг тажрибали педиатр, терапевт, гинеколог, офтальмолог, лор, невролог, эндокринолог каби шифокорлари жалб этилган. Шунингдек, аҳоли УТТ ва ЭКГ текширувларидан ҳам ўтказилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали шифокорлари “Хотин-қизлар репродуктив саломатлиги – соғлом келажак асоси”, “Коронавирус касаллиги ҳақида тушунча ва унинг салбий оқибатлари” сингари мавзуларда профилактик суҳбатлар ташкил этаётир.
– Тиббий кўрикнинг аҳамияти шундаки, касалликлар барвақт аниқланиб, эрта даволанади, – дейди Термиз ҳарбий госпитали бошлиғи, майор Муҳиддин Шаропов. – Хасталикнинг сурункали ҳолатга ўтиб кетишининг олди олиниб, инсон умри узаяди, соғлом авлод дунёга келади. Аслида вилоятнинг олис, тоғли ва чекка ҳудудларидаги аҳолига кўрсатаётган бу хизматимиз ҳам кейинги беш йилда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, халқ билан армия ўртасида якдилликни таъминлаш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир.
Ҳарбий шифокорлар қисқа кунларда тоғли Бойсун туманининг энг чекка Юқори Мачай, Кенг дала ва Қизириқ туманининг Зариобод маҳаллаларида бўлиб, олис қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Маҳалламизга бизнинг соғлигимизни ўйлаб, ҳарбий шифокорлар келишини тасаввур қила олмас эдик, – дейди Кенг далалик Бахтигул Саломова. – Албатта, ўз вақтида ўтказиладиган тиббий кўрик доимо соғлом бўлиб юриш имконини беради. Бир буйрагимни фарзандимга берганман. Кўпдан буён соғлигимни билиш учун УЗИга тушмоқчи бўлиб юрган эдим. Лекин, олис йўл босиб, туман марказига боришни ўйлаб тургандим. Мана, бахтимга қишлоғимизга кутилмаганда ҳарбий шифокорлар келиб қолди. Шу ернинг ўзида тиббий кўрикдан ўтдим. Малакали шифокорлар соғлигим яхши эканини айтиб, туман марказидаги шифохонадан вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришимни тавсия этди. Бепул дори-дармон берди.
Ўтказилаётган тиббий кўрик натижасига кўра, касаллик аниқланган кишиларга тегишли тавсиялар, даволаниш учун йўлланмалар берилмоқда. Ётиб қолган ва ҳаракатланиши чекланган инсонларнинг уйларида тиббий кўрик ташкил этилаётир.
Термиз ҳарбий госпиталининг “йўл харитаси”га мувофиқ бу каби чуқурлаштирилган тиббий кўрик вилоятнинг бошқа туманларидаги олис, чекка ва тоғли қишлоқларда ўтказилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА