Ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар” куни
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгаши томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Навоий шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар” куни доирасида ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазирлиги Навоий академик лицейи, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.


Тадбир давомида ёшлар ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий қисм кутубхонаси, бошланғич ташкилот етакчиси иш жараёни, ўқув хоналари, ётоқхоналар, Маънавият ва маърифат маркази фаолияти билан яқиндан таништирилди.


– Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, унда истиқомат қилаётган аҳолининг эрки, тинч-тотув ҳаёт кечириши унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Бугунги кунда биз академик лицейи ўқувчиларига таълим-тарбия олишимиз учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди Дилнура Рўзиева. – Бугунги армиямиз мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга қодир. Ҳарбий мажбуриятни ўташ эса ҳар бир йигит-қиз учун катта шараф. Бугун ҳарбий қисмда яратиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишдик. Биз келгусида юртимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тинчлиги йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтишга доимо тайёрмиз.

Тадбир давомида иштирокчиларга қурол-аслаҳа ва махсус техникалар кўргазмалари намойиш этилиб, улардан фойдаланиш усуллари ўргатилди. Фахрий қоровул, аскарларнинг қўл жанги тайёргарлиги ҳамда Кинология хизматининг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.


Ҳарбий қисм Маънавият ва маърифат марказида Навоий шаҳар маданият бўлимининг хушовоз хонандалари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан она Ватанни, тинчлик ва осойишталикни тараннум қилувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири