Ҳарбий аёллар “кўпкураш”да куч синашди
Қуролли Кучлар тизимидаги ёш аёл ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, ҳарбий-амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, билим ва маҳоратини намоён этиш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Урганч шаҳрида “Ҳарбий кўпкураш” спорт мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа икки босқичда ўтказилиб, иштирокчилар биринчи босқичда югуриш ва ўқ отиш йўналишларида ўзаро куч синашдилар. Мазкур шартларда ёш аёл ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги, тезкорлиги ҳамда аниқлиги синовдан ўтказилди.
[gallery-31035]
Мусобақанинг иккинчи босқичида эса савол-жавоб ҳамда ошпазлик маҳорати беллашувлари ташкил этилди.
Савол-жавоб жараёнида иштирокчиларнинг билим ва дунёқараши, топқирлиги ва тезкор фикрлаши баҳоланган бўлса, ошпазлик маҳорати шартида уларнинг пазандалик қобилияти, ижодкорлиги ва маҳорати синовдан ўтказилди.
– “Ҳарбий кўпкураш” мусобақаси ёш аёл ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг ўзаро тажриба алмашиши, жамоавий ҳамкорлигини мустаҳкамлаши, жисмоний ва маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилди, – дейди Хоразм вилоят божхона бошқармаси инспектори Гулсанам Шоҳназарова. – Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда барчамиз ўзимизнинг билим, маҳорат, жисмоний тайёргарлик ва иродавий сифатларимизни намоён этишга ҳаракат қилдик.
Мусобақа якунларига кўра, учинчи ўринни Хоразм вилоят божхона бошқармаси, иккинчи ўринни Миллий гвардия Хоразм вилоят бошқармаси ва биринчи ўринни вилоятда жойлашган Н-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчи аёлларидан иборат жамоалар қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари