Ҳарбий авиация юқори профессионаллик ва масъулиятни талаб этади
Парламент қуйи палатасида ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда.
Қонун лойиҳасида олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан контракт муносабатларини такомиллаштириш, уларнинг касбий тайёргарлиги ва орттирган тажрибасидан самарали фойдаланишга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Ушбу лойиҳа Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Мудофаа вазирлиги масъул раҳбарлари, ҳуқуқшунослар иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида айрим нормаларни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилди.
Таъкидланганидек, замонавий ҳарбий авиация юқори билим, профессионал тайёргарлик ва юксак масъулиятни талаб этади. Шу боис, учувчи мутахассисларни тайёрлаш жараёнига сарфланаётган вақт ва ресурслар самарадорлигини ошириш, уларнинг орттирган малака ва тажрибасидан самарали фойдаланиш учун зарур ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш муҳим. Бу борада мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар ҳарбий авиациянинг профессионал салоҳиятини янада юксалтиришга, соҳанинг ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилашга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА