Ҳар қарич ер — барқарор даромад манбаи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманининг олис ҳудудида жойлашган Найман маҳалласи аҳолиси томорқадан самарали фойдаланиб, барқарор даромад манбаини яратаётгани билан эътиборга сазовор.
Маҳаллада ҳар бир хонадон ўз томорқасининг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали иқтисодий самарага эришмоқда.
Жумладан, Маматалиевлар хонадонида ҳандалак, карам, помидор ва бошқа турдаги экинлар етиштирилиб, ўтган йилда 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олинган.
— Кундалик эҳтиёжлардан орттирган маблағ ҳисобидан “Labo” русумидаги автомобиль харид қилдим. Бу меҳнатимни енгиллаштирди. Бу йил ҳам мўл ҳосил олишни режалаштирганмиз, - дейди хонадон соҳиби Тожибой Маматалиев.
[gallery-28425]
Найман маҳалласида томорқачиликни самарали йўлга қўйган аҳоли нафақат ўз эҳтиёжини таъминламоқда, балки маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу ерда меҳнат ва тадбиркорлик уйғунлиги аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА