“Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил!”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, божхона соҳаси мутахассислари ва курсантлар иштирок этди.
Мамлакатимизда аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб ва ташвиқ этиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маънавият ва маърифат, адабиёт ривожига бетимсол ҳисса қўшган аждодларимиз мероси ҳар томонлама ва чуқур ўрганилмоқда. Бу борада хорижий адабий манбаларни аниқлаш, уларни чоп этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, дунё тамаддунида биз фахр билан тилга оладиган ҳар иккала Шарқ Ренессанси аждодларимиз номи билан боғланади. Илм-фан, адабиёт, маданият, санъатнинг гуллаб-яшнаган даври бу шубҳасиз, Темурийлар даврини том маънода Темурийлар даври ренессанси дейишга тўла ҳақлимиз.
Ушбу даврнинг атоқли ва дунё цивилизацияси, адабиётига катта ҳисса қўшган алломаларидан бири буюк Алишер Навоийдир. Ҳазрат Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси наинки халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихи ривожида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз равнақида алоҳида ўрин эгаллайди.
Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги, жозибаси, ифода имкониятларини тўкис намоён этиб, жаҳоннинг миллионлаб китобхонлари қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари мамлакатимизга олиб келинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоийнинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашри яратилди.
Юртимизда Алишер Навоий яшаган давр, шоир ҳаёти, ижоди, адабий муҳити, устозлари, замондошлари ва издошлари ҳақида ҳикоя қилувчи, асарларининг қўлёзма ва нашр нусхалари тўғрисида маълумот берувчи адабий-бадиий кўргазмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда Алишер Навоий ижоди, асарларида улуғланган эзгу ғоялар хусусида батафсил сўз юритилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Божхона институти курсантларига адабиётимиз тарихи, маънавиятга оид 300 дан ортиқ китоб туҳфа этилди.
Шунингдек, Давлат божхона органлари ходимлари ва курсантлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишдаги ҳамкорлиги учун бир қатор ёзувчи ва ижодкорлар Давлат божхона қўмитасининг 30 йиллиги муносабати билан “Кўкрак нишони” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири