Ҳар бир ходим – шаффофлик ва адолат кафолати
“Ўзбек геология қидирув” АЖда ўтказилган тадбир коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларига бағишланди.
Мазкур ташкилот масъуллари ва мутахассислар иштирок этган тадбирда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи Шуҳрат Соғдуллаев сўзга чиқиб, мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари, амалий усуллари ва қоидалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг қайд этишича, коррупцияга қарши самарали курашиш нафақат қонун талабларини бажариш, балки ходимлар ҳамда ташкилотлар орасида ахлоқ нормаларини мустаҳкамлашдан иборат.

–Бу эса нафақат давлат манфаати, балки ҳар бир ходимнинг профессионал фаолияти учун муҳимдир. Манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ҳар бир ходимнинг иш самарадорлигини оширади ва ташкилотнинг шаънини мустаҳкамлайди. Шундай тадбирлар натижасида ҳуқуқий билимлар кенгаяди. Ҳар бир ходим ўз вазифасига масъулият билан ёндашади ва ташкилотдаги иш жараёнларини яхшилашга ҳаракат қилади. Бу эса “Ўзбек геология қидирув” АЖнинг самарали ва шаффоф фаолиятини таъминлайди, –деди Ш.Соғдуллаев.
Семинар давомида коррупцияга қарши курашиш тартиб ва талабларига кенг урғу берилди. Унда таъкидланганидек, бу каби тадбирлар ходимлар учун билим ва малакани ошириш имкониятини яратади. Шу билан бирга, ташкилотларда очиқлик ва ҳисобдорлик муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, мутахассислардан тўлиқ ва аниқ жавоблар олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА