Ҳар бир сайловчи бир овозга эга
Ўзбекистонда муддатидан олдин ўтказилаётган Президент сайлови бошланди.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 362-сайлов участкасида сайлов жараёни очилиши Ўзбекистон давлат мадҳияси садолари остида, барча участка сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялардан кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди.

Мазкур сайлов участкасида сайловни ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Тиббиёт хонаси, зарурат бўлганда ҳордиқ чиқариш учун хоналар мавжуд. Об-ҳавонинг иссиқлиги ҳисобга олиниб, тоза ичимлик суви тайёрлаб қўйилган.
–Ҳудудимиздан 933 сайловчи рўйхатга олинган, – дейди 362-сайлов участкаси раиси Баҳодир Мирфаёзов. – Сайловга тайёргарлик белгиланган қоидалар асосида ўтказилди, сайловчиларга ўз ҳуқуқлари тушунтирилди. Овоз беришда ҳар бир киши бир овозга эга экани, сайлов ихтиёрийлик асосида эркин ўтказилишидан сайловчиларимиз хабардор. Участкамизда 27 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Сайлов участкасида сайлов жараёни очилиш маросидан кейин сайлов қутилари пломбаланди ва сайловчилар овоз беришни бошлади.
Норгул Абдураимова, ЎзА