Ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон бор...
Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи конституциявий норма асосида шакллантирилган бўлиб, Конституциямизда шахсларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш турлари тегишли тартибда мустаҳкамлаб қўйилган. Ўз навбатида, ҳар бир шахс ушбу конституциявий ҳуқуқини бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда амалга ошириши мумкин.
Фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларга мурожаатлари, уларнинг бу борадаги қонунда белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева қуйидагиларни билдирди:
– Конституциямизда белгилиб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга,– дейди Севара Ўринбоева. – Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаро давлат ташкилотига мурожаат қилганида унинг оғзаки мурожаати (оммавий қабул вақтидагилар мустасно) ҳам, ёзма мурожаати ҳам, электрон мурожаати ҳам жавобсиз қолиши мумкин эмас. Мазкур тартиб 2017 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.
Текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Ҳар бир мурожаатнинг ортида инсон, ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ётади. Шундай экан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.