Ҳар бир мурожаат ортида оилаларнинг умиди мужассам
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида бўлиб, хотин-қизлар ва оилаларнинг муаммоларини бевосита жойига чиқиб ўрганди.
Дастлаб масъуллар томонидан Ўчоқли маҳалласидаги Ижтимоий интеграция маркази фаолияти билан танишилди. Учрашув давомида қаровсиз қолган, ҳуқуқбузарлик содир этган болаларни 6 ой, 1 йилдан сўнг ўз оиласига соғлом муҳитга қайтариш учун оила, маҳалла, таълим муассасалари ва мутахассислар ҳамкорлигида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, Ровотак маҳалласида яшовчи фуқаро З.Назарованинг кўз жарроҳлиги ҳамда Адолат маҳалласида истиқомат қилувчи Д.Усмонованинг эндопротез амалиётини қисқа муддатларда ташкил этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда зарур чоралар белгиланди. Шу билан бирга, Адолат маҳалласида яшовчи, ўзи ва турмуш ўртоғи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Т.Бозорова хонадонида ҳам бўлиб, амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ҳозирда уларнинг уйи эркин ҳаракатланиш учун мослаштирилмоқда. Бунинг учун 60 миллион сўм маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, Т.Бозоровани қизиқишидан келиб чиқиб тикувчилик касбига ўқитиш ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Ҳар бир хонадонга ташриф, ҳар бир мурожаат ва ҳар бир суҳбатнинг ягона мақсади инсон ҳаётидаги муаммони ўз вақтида маҳалланинг ўзида тизимли ҳал этиш, оилаларга амалий кўмак бериш ва уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдир.

Ўрганилган барча масалалар мутасадди ташкилотлар билан биргаликда алоҳида назоратга олиниб, уларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар давом эттирилади. Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш якунида Бош вазир ўринбосари Қорасув канали бўйида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Соҳил бўйи сайлгоҳидаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
А. Мусаев, ЎзА