Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш – раҳбарлар учун устувор вазифа
Янги Ўзбекистонда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноятчилик динамикасини ўрганиш ва уни прогноз қилишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда.
Ушбу жараёнларнинг амалий натижалари ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда илмий-таҳлилий ёндашувнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бош илмий ходими Умид Мирзатиллаев билан суҳбатлашдик.
– Айтинг-чи, жиноятчиликнинг олдини олишда қандай янги ёндашувлар қўлланилмоқда?
– Президентимиз томонидан соҳа ва тармоқ раҳбарларининг жойларга тушиб, аҳоли муаммоларини бевосита ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган талабларнинг қўйилаётгани шу янги бошқарув фалсафасини ифодалайди.
Давлатимиз раҳбари “ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” раҳбарлар учун устувор вазифа сифатида белгилаб берди. Республикадан маҳаллагача бўлган барча даражаларда мақсадли кўрсаткичлар ва “йўл хариталари” асосида ишлаш механизми кучайтирилди.
Шу тариқа, жиноятчиликка қарши курашишни “фақат ички ишлар органларининг иши” сифатида баҳолашдан босқичма-босқич воз кечилмоқда. Бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимлик, адлия, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимларининг ҳар бири жиноятчиликни келтириб чиқараётган муайян омилларни бартараф этишга масъулият билан ёндашмоқда.
– Жиноятчиликни илмий ўрганиш ва унга таҳлилий ёндашиш қандай самара беради?
– Жиноятчиликни илмий таҳлил қилишнинг энг муҳим асоси – сифатли маълумот. Маълумот қанчалик тўлиқ, ишончли ва тезкор бўлса, криминологик ташхис ҳам шунчалик аниқ бўлади.
Шу маънода, ички ишлар органларидаги рақамли трансформация фақат фуқароларга электрон хизмат кўрсатишни енгиллаштирган технологик янгиланиш эмас, балки жиноятчиликка қарши курашишнинг таҳлилий имкониятларини тубдан кенгайтирган муҳим восита бўлмоқда.
2016 йилда ички ишлар органлари фаолиятида 6 ахборот тизими мавжуд бўлган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 62 тага етказилди ва 43 таси амалиётга жорий қилинди. 35 идора ўртасида 318 электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
“E-patrul”, “Ягона миграция”, ЙҲХХнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, электрон ҳужжат алмашинуви, “E-kadr” каби платформалар шакллантирилди.
Жамоат хавфсизлигини рақамлаштириш даражаси 86 фоизга, электрон ҳужжатлар билан ишлаш 87 фоизга, кадрлар билан ишлаш 90 фоизга, маъмурий ишларни кўриб чиқиш ва мурожаатларни қабул қилиш эса 100 фоизга етказилди. 60 турдаги давлат хизматидан 48 таси тўлиқ рақамли шаклда кўрсатилмоқда.
Бу имкониятлар жиноятчиликни таҳлил қилиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва эҳтимолий хавф омилларини олдиндан аниқлаш учун хизмат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, илмий ёндашув, аввало, хатони камайтиради ва қарорларни аниқлаштиради. Илмий таҳлил асосида қайси ҳудудга, қайси контингентга, қайси вақтда, қайси орган томонидан ва қандай чора қўлланилиши кераклигини белгилаш имконини беради. Қисқа қилиб айтганда, бу – манзилли профилактика.
– Кибержиноятларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Киберфирибгарлик, сохта инвестиция платформалари, ижтимоий тармоқлардаги алдов, банк карталари маълумотларини қўлга киритиш, электрон тўлов воситалари билан боғлиқ жиноятлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Шу боис, ички ишлар органларида Кибержиноятчиликка қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. 2026 йил тизимда “Кибержиноятларга қарши курашиш йили” деб эълон қилинди.
Сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари, “Кардблок” ва “Турон” каби электрон ечимларнинг жорий этилиши янги турдаги жиноятчиликка тезкор маълумот ва таҳлил асосида жавоб қайтариш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 29 триллион сўм маблағнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олди олинди ҳамда жиноятларга алоқадор бўлган 19 мингга яқин банк картаси блокланди.
Шу давр мобайнида кибержиноятлардан жабр кўрган 13 мингдан ортиқ шахсга 120 миллиард сўмдан зиёд маблағ қайтарилди.
– Криминология тадқиқот институти фаолиятида илмий маҳсулотлар қандай форматларда тайёрланмоқда?
– Институт ташкил этилганидан буён 20 тадқиқот ҳисоботи, 30 услубий қўлланма, 11 монография, 7 таҳлилнома, 8 конференция тўплами, 7 давлат ҳисоботи ва 1 дарслик тайёрланди.
Институт олдида фақат криминологик тадқиқотлар сонини кўпайтириш эмас, балки институтнинг илмий хулосаларини давлат ва ички ишлар органларининг профилактик қарор қабул қилиш жараёнида доимий ишлайдиган амалий механизмга айлантиришдир.
Бунинг учун келгуси босқичда бир нечта стратегик йўналиш муҳим аҳамият касб этади. Биринчидан, Миллий криминологик мониторинг ва прогноз тизимини шакллантириш зарур. Жиноятчиликнинг ҳолати, тузилиши ва динамикаси республика, вилоят, туман ва маҳалла кесимида мунтазам илмий баҳоланиб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли криминологик прогнозлар тайёрланиши лозим.
Иккинчидан, ягона криминологик маълумотлар платформасини босқичма-босқич шакллантириш мақсадга мувофиқ. Ахборот тизимларини, зарур ҳолларда бошқа давлат органлари маълумотларини хавфсиз интеграция қилиш орқали институт учун деперсонализация қилинган илмий маълумотлар массивини яратиш мумкин. Бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлиги, инсон ҳуқуқлари ва алгоритмик холислик қатъий таъминланиши лозим.
Учинчидан, “Ўзбекистоннинг криминологик харитаси”ни яратиш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Унда нафақат жиноятлар сони, балки криминоген омиллар, виктимологик хавфлар, жиноят ўчоқлари, муайян жиноят турларининг ҳудудий концентрацияси ва ижтимоий хавф индикаторлари акс эттирилиши мумкин. Бу масъул раҳбарларга катта ҳажмдаги жадваллардан кўра, ҳудуддаги муаммони тез ва аниқ англаш имконини беради.
Тўртинчидан, йирик профилактик дастурларни илмий баҳолаш амалиётини кучайтириш зарур. Янги механизм жорий этилганда унинг дастлабки ҳолати белгиланиб, муайян вақтдан сўнг натижалари баҳоланиши керак. Шу тариқа “қанча тадбир ўтказилди?” деган ёндашувдан “қандай натижага эришилди?” деган натижадорлик тизимига ўтиш мумкин.
Бешинчидан, институтда сунъий интеллект ва криминологик прогнозлаш имкониятларини ривожлантириш муҳим. Сунъий интеллект инсон ўрнига ҳуқуқий ёки бошқарув қарорини қабул қилувчи восита эмас, балки катта ҳажмдаги маълумотлардан яширин тенденцияларни аниқлашга хизмат қилувчи илмий инструмент сифатида қўлланилиши лозим.
Олтинчидан, ҳудудлардаги амалий тадқиқотларни кенгайтириш зарур. Чунки Бухоро ёки Намангандаги криминоген омил Фарғона ёки Тошкентда айнан шу кўринишда намоён бўлмаслиги мумкин. Шу боис республикага хос умумий қонуниятлар билан бир қаторда ҳудудий криминологияни ҳам ривожлантириш, вилоят, туман ва маҳалла кесимида чуқур тадқиқотлар ўтказиш ҳамда улар асосида ҳар бир ҳудуд учун самарали профилактика моделларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Еттинчидан, Ўзбекистон криминологиясини халқаро илмий маконга фаол олиб чиқиш лозим.
Умуман, бу жараёнда Криминология тадқиқот институти илм ва амалиёт ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланиб, жиноятчиликка қарши курашишда “маълумот – таҳлил – криминологик диагноз – прогноз – илмий тавсия – амалий натижа” занжирини қарор топтириш учун янги имкониятларни яратади.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.