“Ҳар бир маҳалла – футбол майдони” дастури умуммиллий ҳаракатга айланади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан учрашуви давом этмоқда.
–Биз учун футбол нафақат профессионал спорт тури, балки ёшлар тарбияси, соғлом турмуш, интизом ва ватанпарварлик мактаби бўлади.
Энди юртимиздаги ҳар бир маҳаллага футбол нафаси кириб боради. Ҳар бир болага ўз маҳалласида тўп тепиш, мусобақаларда қатнашиш, ўз истеъдодини кўрсатиш имконияти яратилади, – деди Президентимиз.
Бунинг учун “Ҳар бир маҳалла – футбол майдони” дастури бошланади. Бу умуммиллий ҳаракатга айланади.
Дастур доирасида “Маҳалла лигаси” ташкил этилиб, 12-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида маҳалла футбол жамоалари тузилади. Ҳар йили ҳаваскор футболчилар иштирокида “маҳалла – туман – вилоят – республика” босқичидан иборат мусобақалар ўтказилади.
Умуман, “Маҳалла лигаси” энг яхши иқтидорларни селекция қилишда профессионал клублар учун тайёр база бўлади.
ЎзА