Ҳар бир фуқаронинг фикри муҳим...
Айни кунларда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари давом этмоқда.
Бу жараёнларда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси фикри муҳим. Шу сабаб вазирлик ва идораларда йиғилишлар ташкил этилиб, экспертлар иштирокида ҳар бир ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокама қилинмоқда.
Ана шу каби тадбирлар доирасида, жорий йилнинг 1 июль куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида «Конституцион ислоҳотлар – давр талаби» мавзусида муҳокама-муносабат тадбири ўтказилди. Унда Таълим инспекцияси раҳбарияти ва ходимлари, ҳудудий бўлим вакиллари иштирок этди.
Видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Бош Қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, долзарблиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда иштирок этган, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон қаҳрамони, сенатор Шавкат Аюпов Конституциямизга киритилиши кутилаётган ҳар бир ўзгартиришларни батафсил таҳлил қилиб берди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича билдирилаётган таклифлардан келиб чиқиб, асосий Қомусимизга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур жараёнларда барча соҳаларда инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устун эканлиги алоҳида эътироф этилмоқда. Бунда эса таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантириш устувор аҳамият касб этади.
Бунинг учун эса боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш Конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда.
Конституциянинг 41-моддасига қўшимча сифатида давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши, шунингдек, давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун тенг шарт-шароитлар яратилиши бўйича тегишли бандлар киритилмоқда.
Муҳокамалар жараёнида 41-моддага киритилаётган ўзгаришларга қўшимча равишда 3-босқичли профессионал таълим бўйича алоҳида банд қўшиш масаласида таклиф билдирилди.
Зеро бугунги кунда таълим, илм-фан ишлаб чиқариш интеграцияси меҳнат бозори талаблари ва халқаро классификарторларга мослашув муаммоларини ҳам ечишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги Конституция даражасида белгиланмоқда. Бу эса педагогларимизнинг эркин педагогик фаолият билан шуғулланишлари учун замин яратади.
Шунингдек, 64-моддага қўшимча сифатида ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълими, соғлиғи, тўлақонли ва уйғун камол топиши тўғрисида қайғуриши шартлиги ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар Конституцияни такомиллаштириш бўйича таклифларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
ЎзА