Ҳар бир фарзанд бахтли бўлишга ҳақли
“Buxoro yoshlari” газетаси таҳририяти Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан ажратилган олтмиш миллион сўмлик грант маблағларига эга бўлган эди.
Бухоро вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида таҳририят томонидан “Соғлом ҳаёт – бахтли келажак!” лойиҳа доирасида “Ўзлигингни англа” номли тадбир ўтказилди.
Тадбирда ИИБ ходимлари, назоратда турувчи вояга етмаганлар, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Йигирма ўринга мўлжалланган марказда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 август кунидаги қарорига асосан 3 ёшдан 18 ёшгача бўлганлар қабул қилинади. Шунингдек, ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларда яшаётган ҳамда давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этган вояга етмаганлар қабул қилинади.
Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий ҳолатининг бузилганлиги билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаганлар, аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар қабул қилинган.
[gallery-19733]
– Вояга етмаганларга ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳозирда 6 нафар вояга етмаганлар тарбияланмоқда, – дейди марказ катта лейтенанти Жамол Неъматов. – Марказда назоратда сақланувчи болалар турли сабаблар билан келишади. Баъзи ота-оналар фарзандларини ўз ихтиёрлари билан ариза асосида қолдиришса, баъзилари айнан хулқи ва нотўғри хатти-ҳаракатларини тарбиялаш билан назоратга олинади. Мақсад эса ҳар бир фарзанднинг миллий, ахлоқий тушунчаларни англашига ундаш ва шу орқали келажагини тўғри қуришга таъсир этишдан иборат.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари.