Ҳар бир болага меҳр, эътибор керак
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар беришни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ўзи емай, киймай боласига тутадиган, нафақат қариндош уруғлари ва яқинлари, балки бегонанинг боласига ҳам меҳр берадиган элмиз.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошпанасиз қолган, оиласидан ажраган, оч, юпун болаларни “Сен етим эмассан”, деб бағрига олиб, оқ ювиб оқ тараган халқ вакилларимиз.
Халқимизнинг бу эзгу фазилати давлатимиз томонидан “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ғамхўрлик ва эътибор самараси айниқса, кейинги беш йилда яққол кўзга ташланаётир.
2017-2020 йилларда юртимиздаги барча “Мурувват” ва “Саховат” уйларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаб, замонавий шароитлар яратиш кўзда тутилган эди.
Шу муносабат билан 2020 йил бошида Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик уйи”, Зомин туманидаги “Ёш мурувват уйи” ҳамда жорий йил Зарбдор туманидаги кар ва соқов болалар ҳамда заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатлари замонавий тарзда тўлиқ қайта таъмирланди. Бу муассасалар барча зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланиб, фойдаланишга топширилди. Бу борадаги амалий ишлар давом этмоқда.
Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашнинг бир неча тузилмалари йўлга қўйилган. 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар бола ҳомийлик, васийлик ва оила патронажи қарамоғига олинган.
Эндиликда Меҳрибонлик уйларидаги болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмонан етук бўлишлари учун спорт билан доимий равишда шуғулланишлари йўлида барча шароитлар яратилади. Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия бўйича вилоят бошқармалари маҳаллий ҳокимликлар билан бирга ҳар йили ёз ва қиш мавсумларида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронатдаги болалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат дастурини амалга оширади.
Бемор бўлган етим болалар учун хорижда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бюджетдан тўлиқ компенсация қилинади. Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 августдан бошлаб бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай экан, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига, ота-она меҳридан мосуво болаларимизга меҳр кўрсатиш, ҳар қандай шароитда ҳам имкон топиб уларнинг ҳолидан хабар олиш, баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзиш инсоний бурчимиздир.
Эркин Холматов,
O’zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги
O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари.
ЎзА