Ҳақсўз олимдан яна уч китоб
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида атоқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 75 йиллиги ҳамда унинг бир қатор янги китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Анжуманда мазкур институт директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ва бошқалар устоз навоийшунос Иброҳим Ҳаққул адабий меросининг ўзига хос томонлари ҳақида гапирди.
– Ўзбек адабиётига дахли бор ҳеч бир одам Иброҳим акасиз бу соҳага қадам қўймаган бўлса керак, – деди филология фанлари доктори, профессор Боқижон Тўхлиев. – Иброҳим ака мумтоз адабиёт бўйича ниҳоятда тенгсиз мутахассис эдилар. Жаҳон адабиёти, мумтоз адабиёт, фольклор ижодиётига оид илмий мақолалари билан шу соҳанинг донишманди эканликларини тўлиқ намоён этганлар. У кишида олимнинг ҳамма аломатлари табиий, туғма эди. Бутун умри давомида нимаики қилган бўлса, бари илм билан боғлиқ эди. Инсоннинг олимлиги билан бирга унинг шахсияти ҳам муҳим. Шахсиятки, журъат ва жасорат билан боғлиқ. Иброҳим ака ўзбек адабиётидаги тасаввуфшуносликни теран таҳлил эта олган, бу борада мактаб ярата олган инсон эди. Унинг Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машраб ижодига оид тадқиқотлари, теран таҳлиллари кутилмаган муқоясаларга жуда бой.
Анжуманда эътироф этилганидек, устоз Иброҳим Ҳаққулда мумтоз адабиётни тушунтиришда ниҳоятда содда, равон усул бор эди. Устоз қайси аудиторияга кирса, ўша аудиториядаги муҳитни зийраклик билан тез илғар ва унга муносиб мисоллар келтирар эди.

– Ҳаётнинг энг муҳим вазиятларида одамнинг асли қандайлиги билинади, – деди атоқли ёзувчи, устоз ижодкор Назар Эшонқул. – Даврнинг баъзи синовларига дош беришда Иброҳим ака ўрнак бўлганлар. Иброҳим ака Навоийда бугун инсоният дуч келаётган барча масалаларга жавоб мужассам эканини қадрлар эдилар. Иброҳим аканинг Навоийга бағишланган китобларини ўқиб, ўргансак, ундан ўзимиз излаган саволларга жавоб оламиз. Иброҳим ака шу китоблари орқали бизни Навоий билан яқинлаштирган ижодкор эдилар.
– Иброҳим Ҳаққул юрагини илмдан топган инсон эди, – деди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. – Узоқ йиллар Дўрмондаги боғда кўплаб дарахт кўчатларини экканмиз. Бир куни Юнусободдаги хонадонимиз эшиги тақиллади. Бир йигит катта тоғорада ўрик келтирганди. Бу Иброҳим ака эккан дарахт кўчатларининг меваси эди. Улар адабиётда ҳам кўплаб дарахт кўчатларини эккан эдилар. Бу боғлар ҳали ўз ҳосилини беради.
Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ижрочи директори, навоийшунос олим Олимжон Давлатов Иброҳим Ҳаққул беназир инсон бўлиши билан бирга ҳар куни, ҳар ой, ҳар йили янгиланиб борувчи, ўз устида тинимсиз изланган ижодкор бўлганини эътироф этди.
Тақдимот тадбирида атоқли навоийшунос олимнинг “Навоийга қайтиш – 5”, “Мушоҳада ёғдуси –3” ҳамда “Сўзбоши: ирфон ва ишонч” китоблари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Адабиётшуносларга кўра, “Навоийга қайтиш” бешинчи китобида буюк шоир ижодининг ҳали тадқиқ ва талқин этилмаган мавзулар, навоийшуносликдаги муаммолардан сўз юритилган. Шунингдек, ғазал таҳлилларига ҳам кенг ўрин ажратилган.
“Мушоҳада ёғдуси – 3” китобида муаллифнинг Алишер Навоий шахсияти ва ижодий мероси, тасаввуф ва адабиёт хусусидаги фикр ва мулоҳазалари билан танишиш мумкин. Унда олимнинг шу мавзудаги фикр мулоҳазалари билан бирга, ҳақиқат, журъат, самимият, моҳиятбинлик ҳақидаги ҳаётий хулосаларига эътибор қаратилган.
Хотира тадбири ғоят самимий руҳда ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири