Ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамланади
Бухородаги ННТ ва Дўстлик уйида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигига ҳамда Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига кириб келишининг 85 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда вилоятдаги 11 та миллий маданият марказларининг раҳбар ва аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда корейс миллий маданият маркази ҳамкорлигида ўтказилди.
[gallery-8975]
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонова қатнашди. Таъкидланишича, давлатларимиз ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган. 2006 йилдан буён давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги Стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги тўрт йилда ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. 2017 ва 2019 йилларда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари натижасида имзоланган ҳукуматлараро битимлар ва тижорат шартномаларининг умумий миқдори 22 миллиард долларни ташкил этди. 2019 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар “алоҳида стратегик шериклик” даражасига кўтарилди.
– Корейслар азалдан кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ажралмас қисмига айланган, унинг иқтисодий ва маданий ривожланишига катта ҳисса қўшган, – дейди Корейс миллий маданият маркази раҳбари Ли Родион. – Республикада корейслар сони 180 мингдан ортиқни ташкил этади. Тарихимиз Ўзбекистон заминида қандай шароитда бошланганини, орадан 85 йил ўтганини унутмаймиз. 1937 йилнинг кузида 54 та поездда депортация қилинган корейслар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига жойлаштирилган. Ҳаммага уй- жой етмаган. Шунинг учун кўчманчилар қўшимча бинолар (чойхона, отхона) ва мактабларга жойлаштирилган. Кўпгина корейс оилаларини ўзбеклар ўз уйига қабул қилган, иссиқ овқат берган. Мустақиллик халқ анъаналари, урф-одатлари ва тилининг сақланиши ҳамда диаспоранинг янада ҳамжиҳат бўлиши учун янги имкониятлар яратиб берди. Ўзбекистондаги Корейс миллий маданият марказларида корейслар ўз она тилларини ўрганадилар, бошқа этник бирлашмалар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва миллий байрамларини ҳамда Соллал — корейсча янги йил, Тано — ёз байрами ва Чусок — ҳосил байрами каби корейс халқининг миллий байрамларини нишонлайдилар. Бир сўз билан айтганда Ўзбекистонда яшаб келаётган корейслар ўзларининг янги ватанлари равнақи ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда
Тадбирда корейс халқининг Ўзбекистонга кириб келиши тарихи тўғрисидаги маърузалар ва намойиш этилган видеоролик йиғилганларга катта қизиқиш уйғотди. Корейс миллий маданият маркази томонидан тайёрланган ўзбек тилидаги куй қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА