Ҳамкорликдаги янги босқич
Бухоро вилояти халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Франциянинг дунёга машҳур “Orano” компанияси директорлар кенгаши раиси, шунингдек, MEDEF International ҳузуридаги Франция–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Клод Имовен билан ўтказган учрашуви нафақат инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, балки Бухоронинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ботир Зарипов меҳмонларга Бухоро вилоятининг бой саноат салоҳияти, қулай географик жойлашуви, ривожланган инфратузилмаси ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, маҳаллий корхоналарни халқаро таъминот занжирларига интеграция қилиш, инновацион ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича истиқболли режалар юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот давомида икки халқни боғлаб турган тарихий ва маданий ришталар ҳам алоҳида эътироф этилди. Бухоро шаҳри билан Франциянинг Рюэй-Мальмезон шаҳри ўртасидаги биродарлик муносабатлари, ушбу шаҳарда буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино ҳайкалининг қад ростлагани икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстликнинг ёрқин тимсоли экани қайд этилди.
Қайд этилишича, “Orano” Франциянинг давлат назоратидаги етакчи саноат гуруҳларидан бири бўлиб, ядро ёқилғиси циклининг барча босқичларида фаолият юритади. Компания уран конларини қидириш ва ўзлаштириш, уранни қайта ишлаш ва бойитиш, ишлатилган ядровий ёқилғини қайта тиклаш, муҳандислик хизматлари ҳамда ядро тиббиёти соҳасида илғор технологияларни жорий этиш бўйича жаҳонда етакчи ўринларни эгаллайди. Бундай нуфузли компания раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар Бухоронинг инвестициявий жозибадорлиги халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, саноат ва инновациялар соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш бўйича мунтазам мулоқотларни давом эттиришга келишиб олишди.
Бугун Бухоро нафақат бой тарих ва маданият маскани, балки халқаро сармоялар, инновациялар ва юқори технологиялар чорраҳасига айланиб бормоқда. Франциянинг энг нуфузли саноат компанияларидан бири билан бошланган ушбу мулоқот вилоят иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очиши, замонавий ишлаб чиқаришлар, янги иш ўринлари ва инновацион тараққиётга мустаҳкам замин яратиши билан аҳамиятлидир. Бу эса Бухоронинг глобал иқтисодий макондаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яна бир ёрқин исботидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири