"Ҳамкорлик кубоги" спорт мусобақалари ўтказилди
Спорт нафақат саломатлик учун фойдали, балки кишининг руҳий тетиклигини ҳам таъминловчи энг фойдали машғулот. Бежизга халқимизда: “Соғ танда - соғлом ақл” дейилмаган.
Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида маҳалла ёшлари учун “Спорт – саломатлик таянчи” мавзусида “Ҳамкорлик кубоги” спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мазкур мусобақа учинчи марта ўтказилаётган бўлиб, унда жамоалар спортнинг мини футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича беллашди.

Спорт мусобақаларида Тошкент шаҳридаги маҳалла ёшлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тошкент давлат техника университети жамоалари иштирок этди. Мусобақа Тошкент шаҳар Спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар ҳамда спортчилар диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди.
Бу каби мусобақалар ёшларнинг келгусида жисмонан ва маънан етук бўлиб камол топишига пойдевор яратса, неажаб.
Шербек Исломов,
ЎзА