Ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш, уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали ҳамда Бошқирдистон давлат автоном қўшимча касб-ҳунар таълим муассасаси “Малака ошириш маркази” ўртасида ҳамкорлик ва англашув меморандуми имзоланди.
Унда марказлар ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада ривожлантириш, интеллектуал ва инновацион ресурсларни, шунингдек, давлат таълим муассасалари ўртасида клиник илмий ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қўшма халқаро лойиҳаларни ташкил этиш ва ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар билан таълим бўйича тажриба алмашиш ҳамда дастурлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Қолаверса, ҳужжатда илмий-педагогик ходимлар томонидан маърузалар, маҳорат дарслари, шу жумладан, “онлайн” режимда машғулотлар олиб бориш, қўшма конференциялар, семинарлар, симпозиум, давра суҳбатлари ва маҳорат сабоқларини ўтказиш ўз аксини топган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири